Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ғазодаги ўликхоналарда жой қолмади –  ОАВ

Ғазодаги ўликхоналарда жой қолмади –  ОАВ

Фаластинлик шифокор жароҳатланган болани тез ёрдам машинасига олиб кетмоқда.

Фото: Reuters

Исроил ҲАМАС ҳужумига жавоб сифатида Фаластиннинг Ғазо ҳудудига бомба ёғдиришда давом этмоқда.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Исроил кучлари тунда Хон Юнус шаҳри яқинида тўртта тез ёрдам машинасига ҳужум қилган. Байт Ханун шаҳридаги ягона шифохона ракета ҳужуми оқибатида вайрон бўлган.

Уч кундан буён давом этаётган ҳужумлар оқибатида Ғазодаги  7 та шифохона ва тиббий марказ жиддий талафот кўрган.

«Соғлиқни сақлаш тизими фаолияти учун электр энергия етишмовчилиги кучаймоқда. Бу эса беморлар ва жароҳатланганлар ҳаётига хавф солмоқда», – дейилади ССВ баёнотида. 

Фаластин томони Исроил кучлари тиббий ходимларга ҳам ҳужум қилаётганидан шикоят қилган. Охирги кунларда 5 нафар тиббий ходим ўлдирилган, 10 нафари жароҳатланган.

Euronews  хабарига кўра, Ғазодаги барча шифохоналар тўлиб кетган, ўликхоналарда ҳам жой қолмаган.

Вазият ўта мураккаблигини маълум қилган Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги халқаро ҳамжамиятдан тиббий кўмак учун хавфсиз йўлак очиш, шунингдек, бирламчи зарурий дори-дармон, тиббий буюмлар, ёнилғи ва генератор билан таъминлашни сўраган.

2,3 миллион нуфусли Ғазо ҳудуди 2007 йилдан буён қамал шароитида яшаб келади. ҲАМАС билан кескинлик кучайиши ортидан, 8 октябрь куни Исроил ҳудудга электр энергия ва ёнилғи етказилишини тўхтатди. 9 октябрь куни эса яҳудий давлати мудофаа вазири Йоав Галант Ғазо тўлақонли қамалга олиниши, ҳудудга озиқ-овқат ва сув ҳам етказилмаслигини эълон қилди.

БМТ бош котиби Антонио Гутерриш урушаётган томонларни халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирар экан, Ғазо тўлақонли қамалда қолганидан чуқур хавотир изҳор қилган.

«Ушбу ҳарбий ҳаракатларга қадар Ғазо секторидаги гуманитар вазият ўта оғир эди. Эндиликда вазият янада ёмонлашмоқда», – деган БМТ бош котиби.

Сўнгги маълумотларга кўра, бомбардимон давом этаётган бир пайтда 188 минг фаластинлик бошпанасини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Исроил ҲАМАСни йўқ қилиш учун Ғазога қўшин киритишга ҳозирлик кўраётгани айтилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг