Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россиялик юқори мартабали амалдор яна мигрантларга «тош отди»

Россиялик юқори мартабали амалдор яна мигрантларга «тош отди»

Фото: ТАСС

Петербург халқаро юридик форумида маъруза қилган Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин миграция сиёсатини янада қаттиқлаштириш кераклигини таъкидлади. Мамлакатда 13-14 миллион мигрант борлигини айтган амалдор уларнинг манфаат келтиришини шубҳа остига олди.

Бастрикинга кўра, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида Москва шаҳрига 1,2 миллион, Подмосковье вилоятига 880 минг ва Санкт-Петербург шаҳрига 860 минг нафар мигрант келган. Бу рақамларни у хавотирли статистика деб атаб, меҳнат муҳожирлари орасида жиноятчилик ошиб бораётганидан баҳс этган. 

Александр Бастрикин урушга юборилаётган меҳнат муҳожирларига оид рақамларни ҳам очиқлаган. Қайд этилишича, сўнгги вақтларда Россия Федерацияси фуқаролигини олган 30 минг нафар муҳожирдан 10 минг нафари Украина билан уруш майдонига жўнатилган.

«Улар, бу ўртоқлар нега керак дейсизми? Хандақ (окоп) қазиш ва истеҳком қуриш учун. Бунинг учун бақувват қўллар керак бўлади», – деган Россия бош терговчиси.

Амалдор янги фуқаролик олган муҳожирларнинг урушга йўлланишини миграцияга қарши курашнинг самарали усули дея талқин этган. Унга кўра, фуқаролик олган мигрантлар фронтга юборила бошлагач, кўплаб хорижликлар Россияни тарк этишга тушган.  

Бастрикин Россия тадбиркор ва ишлаб чиқарувчиларини чет элликлар ўрнига маҳаллий аҳолини кўпроқ ишга жалб этиш, рус халқи бахтли бўлиши учун ҳаракат қилишга чақирган.

РФ Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин меҳнат муҳожирларига қарши кескин позицияси билан танилган. У ўтган йили Россия фуқаролигини олган мигрантлар Украина урушида иштирок этишдан бош тортса фуқароликдан маҳрум этилиши ҳақида баёнот берганди.

2023 йил январь ойида эса у фуқаролик олган Марказий Осиё ва Кавказорти ўлкалари вакилларини урушга юбориш ҳақида гапирган эди.

«Охирги 5 йилда Ўрта Осиё ва Кавказорти мамлакатларидан келган бир миллиондан зиёд шахс, жумладан, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан 550 минг киши фуқаролик олди. Хусусан, 2022 йилнинг биринчи ярмида мазкур давлатларнинг 60 мингдан зиёд вояга етган фуқароси Россия фуқаролигига ўтди. (Фуқаролик) ҳуқуқлар бериб қолмай, айни чоқда, қабул қилувчи мамлакатни ҳимоя қилиш бўйича конституциявий мажбуриятларни ҳам кўзда тутади», – деган эди Тергов қўмитаси бошлиғи.

Сўнгги вақтларда Россия фуқаролигини олмай, у ерда тирикчилик қилаётган меҳнат муҳожирларини ҳам турли йўллар билан Украина урушига юбориш ҳолати кўпаяётгани айтилмоқда.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги ҳисоботида қайд этилишича, Россия ҳукумати Марказий Осиё мамлакатлари меҳнат муҳожирларини Украина урушида қатнашишга кўндиришга уринмоқда. Ихтиёрий равишда ажал комига бориш эвазига 4160 доллар ойлик маош, шунингдек, Россия фуқаролиги ваъда қилинмоқда.

Аввалроқ BBC нашри Россия–Украина урушида, 2022 йил февралдан 2023 йил июнь ойига қадар камида 93 нафар Марказий Осиё фуқаролари, жумладан, 34 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг