Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тўқаев муддатдан аввал президент сайлови ўтказишга қарор қилгани сабаби айтилди

Тўқаев муддатдан аввал президент сайлови ўтказишга қарор қилгани сабаби айтилди

1 cентябрь куни Қозоғистон халқига мурожаат йўллаган президент Қосим-Жўмарт Тўқаев муҳим сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар режасини очиқлади. Жумладан, жорий йил кузда навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказилишини маълум қилди.

Қ.Тўқаев 2019 йил 20 мартда Нурсултон Назарбоевнинг истеъфоси ортидан ҳокимиятга келган. Ўша йил 9 июндаги сайловда 70 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. Хўш, ваколати тугашига икки йилдан ошиқ вақт бўлса-да, нега у кутилмаганда муддатдан аввал сайлов ўтказишга қарор қилди?

Ўзбекистонлик таҳлилчи Отабек Бакировга кўра, Қ.Тўқаевни ҳалигача Н.Назарбоевнинг вориси сифатида кўриш давом этмоқда. Чунки у 3 йил аввал олий ҳокимиятни айнан Назарбоев қўлидан олган, сайловда ҳам Элбоши партияси номидан  қатнашган.

«Мандатни қўлга киритишда, сайловолди дастурида, унинг мазмунида бошдан-оёқ назарбоевчилик устун бўлган. Январь воқеаларидан кейин сиёсат туси ва векторини буткул ўзгартирган Тўқаев учун бу соя солиши ва саволлар туғдириши тайин. Шу сабабли Тўқаевнинг муддатидан аввал сайловга кириши ва халқдан қўллов олишига ҳаракати демократик принциплардан келиб чиқилса, сайловчиларга, электоратга нисбатан ҳалол ва адолатли муносабат дегани. Қолаверса, у истаётган мураккаб ва узоқ йиллик истиқболни белгилайдиган сиёсий ўзгартиришларни амалга ошириш учун халқ олдидан ўтилиши ва қайтадан мандат олиниши барибир керак бўларди», – дейди таҳлилчи.

Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов ҳам амалдаги президент муддатдан аввал сайлов ўтказиш орқали ўз сиёсий легитимлигига эга бўлмоқчи деб ҳисоблайди.

«2019 йилги сайловда 70 фоиз овоз олган Тўқаев мустақил сиёсатчи сифатида эмас, балки Назарбоевнинг вориси ўлароқ намоён бўлганди. Бу эса Тўқаевнинг ҳозирги ҳолати учун ўнғай эмас. Фикримча, бўлажак сайлов унинг Назарбоевдан мустақил мақомини мустаҳкамлайди, ўз мақсадларини амалга оширишда чинакам эркинлик беради», – дейди А.Дубнов.     

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, Тўқаев илгари сурган ташаббус Марказий Осиёдаги сиёсий динамикага ҳам ижобий таъсир этади.

«Қозоғистонда катта ислоҳотлар бошланиш арафасида. Президент Тўқаев таклифига кўра, бундан кейин Қозоғистон президенти фақат бир марта, 7 йиллик муддатга сайланиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу пайтгача беш йилдан икки мандат сайланиш назарда тутилган эди. Амалиётда эса, Назарбоев 5 йилдан неча марта сайланганини ҳеч ким билмаса керак... Бу таклиф Марказий Осиёдаги сиёсий динамикага ижобий таъсир қилишига ишонаман. Бу ўзгаришлар минтақадаги қаттиқ авторитаризмга оғишувни пасайтиради, оилавий монархия томон кетаётганларнинг легитимлигини сўндиради», – деб хулоса қилади К.Раббимов.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон раҳбари жорий йил 16 март кунги мурожаатида ҳам сиёсий монополиядан воз кечиш, супер президентлик бошқарув шаклидан кучли парламентга асосланган президентлик республикаси тизимига ўтиш, давлат раҳбарининг яқин қариндошлари сиёсий лавозимларни эгаллаши ман этилиши каби жиддий сиёсий ислоҳотларни таклиф қилган эди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг