Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентдаги туғруқхона вилоятлик аёлни қабул қилмади. ССВ баёнот берди

Тошкентдаги туғруқхона вилоятлик аёлни қабул қилмади. ССВ баёнот берди

Скриншот

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар 1-сон туғруқ комплексига ҳомиладор аёлини олиб келган турмуш ўртоғи томонидан суратга олинган видеоматериал пайдо бўлди.

Унда айтилишича, ҳомиласи етилиб, туғруқ оғриқлари бошланган бўлса-да, аёлни ушбу тиббиёт муассасасига қабул қилишмаган ҳамда унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмаган.

ССВ матбуот хизматига кўра, мазкур масала юзасидан соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев туғруққа ихтисослашган шаҳар ва республика тиббиёт муассасалари бош врачлари иштирокида тезкор йиғилиш ўтказган. 

Шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасига кўра, Ҳомиладор аёл О.С. 2000 йилда туғилган бўлиб, Самарқанд вилояти, Иштихон туманида доимий рўйхатда туриб, ҳозирда Тошкент вилояти Янгийўл туманида истиқомат қилади.

Дастлабки маълумотларга қараганда, ушбу воқеа тарқалган хабарларда айтилганидек, 5 май куни эмас, шу йилнинг 29 апрель куни содир бўлган. Шу куни соат 04:25 да аёлни турмуш ўртоғи Х.М. туғруқ оғриқларидан шикоят қилгани учун Тошкент шаҳар 1-сон туғруқ комплексига олиб келган. 

Аммо аёлнинг алмашув варақасида Янгийўл тумани 69-сон қишлоқ шифокорлик пунктида рўйхатда турганини инобатга олиб, дислокация бўйича Янгийўл тумани туғруқ комплексига ёки Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникасидаги туғруқ бўлимига бориш тавсия қилинган.

Шу куни соат 5:40 лар атрофида ҳомиладор аёл турмуш ўртоғи томонидан чақирилган тез тиббий ёрдам машинасида Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникаси туғруқ бўлимига олиб борилган ва 29 апрель куни қиз фарзанд дунёга келган. Туғруқдан кейинги давр асоратсиз ўтган. Шу йилнинг 3 май куни аёл фарзанди билан аҳволи қониқарли ҳолатда уйига жавоб берилган.

Ушбу вазият сабаб Тошкент шаҳар ССБ бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда репродуктив саломатлик бўйича ўринбосари Р.Ҳаитбаева, туғруқ комплекси бош шифокори Р. Алимжановалар эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. Шунингдек, ўз ишига совуққонлик билан қарагани ва ҳомиладор аёлга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатмагани учун қатор тиббиёт ходимларига ҳам тегишли чоралар кўрилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг