Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Саудия Арабистони фаластинликлар ўлимига сабаб бўлган босқинни қоралади

Саудия Арабистони фаластинликлар ўлимига сабаб бўлган босқинни қоралади

Фото: SPA

Саудия Арабистони Исроил кучлари томонидан Женин шаҳрида амалга оширилган рейдларни кескин қоралади. Ғарбий соҳилдаги қочқинлар лагерига уюштирилган босқинда 6 фаластинлик ҳалок бўлган.

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда Исроил қуролли кучларининг рейдлари босиб олинган ҳудудларда беқарорлик келтириб чиқаргани таъкидланади. Баёнотда, шунингдек, марҳумларнинг яқинлари ва Фаластин халқига ҳамдардлик билдирилган.  

Расмий Риёз Исроил кучларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига асло муроса қилинмаслигини уқтирган.

AP ахборот агентлиги хабарига кўра, душанба куни Исроил қуролли кучлари Ғарбий соҳилда жойлашган Жениндаги қочқинлар лагерида ҳарбий вертолётларни ишга солган ҳолда рейд уюштирган. Ҳарбийлар билан тўқнашувда  6 нафар фаластинлик, жумладан, 15 ёшли ўсмир ҳалок бўлган. 90 дан зиёд киши жароҳатланган.

Кейинги вақтларда бу каби рейдларда кўп сонли тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлаётгани айтилмоқда.

Фаластин бош вазири Муҳаммад Иштийя 2022 йил давомида Исроил кучлари томонидан 220 нафар фаластинлик ўлдирилганини маълум қилган.

Саудия Арабистони Фаластин муаммосини адолатли ҳал этиш, хусусан, оккупацияга чек қўйиш лозимлигини таъкидлаб келади.

Жорий йил Рамазон ойида Исроил хавфсизлик кучлари Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириб, намоз ўқиётган фаластинликларга ҳужум қилгани кескин эътирозларга сабаб бўлган эди. Саудия ТИВ Ал-Ақсога ҳужумни муқаддасотларни ҳурмат қилишга доир халқаро ҳуқуқ меъёрларининг поймол этилиши деб атаган.

Февраль ойида эса Cаудия ҳукумати Исроил ҳамда Фаластин ўртасидаги тинчлик музокараларини қайта бошлаш лозимлигини таъкидлагани ҳолда,  халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг ҳужумларини тўхтатиш, оккупацияга барҳам бериш ва фаластинликларни ҳимоя  қилишда фаоллик кўрсатишга даъват қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг