Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исроил: ҳукумат ва армия ўртасида келишмовчилик чиқди

Исроил: ҳукумат ва армия ўртасида келишмовчилик чиқди

Исроил ҳарбий қўмондонлиги ўқ-дори етишмаслиги, аскарларнинг чарчагани сабаб Ғазо секторида ҲАМАС ҳаракати билан сулҳ тузиш ниятида. Бу ҳақда «The New York Times» газетаси Исроил хавфсизлик тизимидаги манбаларига таяниб хабар берди.

«Ҳарбийлар гаровдагиларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш борасидаги келишувни тўлиқ қўллаб-қувватлайди», – деган Исроил Миллий хавфсизлик кенгаши собиқ котиби Эяль Хулата.

Исроил ҳарбийлари Ғазода ҲАМАСнинг кучи сақланиб қолишига рози, аммо улар исталган вақт Фаластин ҳаракати билан урушга кириш имкониятидан фойдаланиш истагида. 

Шу билан бирга, армия ҲАМАС билан сулҳ гаровдаги 120 нафар исроилликни озод қилишига умид қилмоқда. Энг асосийси, яҳудий давлати ҳарбийлари сулҳдан фойдаланиб, яқин истиқболда рўй бериши кутилаётган Ливанга қарши урушга жиддий ҳозирлик кўрмоқчи.

Бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҲАМАС билан сулҳ ташаббусига қарши чиқмоқда. «The New York Times» газетасига кўра, Нетаняҳу аввал-бошда эълон қилганидек, ҲАМАС устидан тўлақонли ғалабага эришмаса, унинг коалицияси парчаланиши ва ўзи ҳам ҳукумат раҳбарлигидан кетиши аниқ. Таҳлилчилар Исроил бош вазири ўз сиёсий карьерасини сақлаб қолиш учун ҳам Ғазо секторида сулҳга бормаслигини айтмоқда.

Нетаняҳу АҚШ газетаси мақоласига муносабат билдирар экан, Исроил Ғазо секторида ҲАМАСни буткул тугатиб, асирларни озод қилганидан кейингина урушни якунлаши ҳақида баёнот берган.

Исроилда ҳукумат ва армия ўртасида бўлиниш юзага келгани аввалроқ ўртага чиққан эди.

Икки ҳафта муқаддам Исроил армияси расмий вакили Даниэль Хагари ҲАМАС ҳаракати бу мафкура экани, уни йўқ қилишга уринишлар самарасиз якунланиши ҳақида баёнот бериб, Нетаняҳунинг расмий позициясини шубҳа остига олган эди.

Исроил армияси ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирганидан буён ўтган 270 кун давомида 37925 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 87141 нафари жароҳатланди. 9 ойдан буён давом этаётган даҳшатли қирғин оқибатида 21 мингга яқин фаластинлик болалар дом-дараксиз йўқолди.

Халқаро ташкилотлар мисли кўрилмаган инсоний талафотлар кўрган Ғазо секторида зудлик билан оташкесим ўрнатилиши кераклигини талаб қилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг