Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Нега одамлар СССРни идеаллаштиради ёки бир хил орзулар, бир хил ўйинлар ва бир хил қўрқувлар эпохаси

Нега одамлар СССРни идеаллаштиради ёки бир хил орзулар, бир хил ўйинлар ва бир хил қўрқувлар эпохаси

foto: Xabar.uz

Совет Иттифоқи  бўлинганига ўттиз йилдан ортиқ вақт ўтди. Бир неча авлод янгиланди. Лекин шунга қарамай «СССР даври яхши эди», «У пайтлар бошқача эди» деган фикрларни эшитамиз. «СССРда ҳаёт яхши эди!» Гўё ўтмишнинг бир бўлаги ҳозирги замондан кўра тиниқроқ, нурлироқ кўринади. Лекин савол туғилади: нима учун айнан СССР? Нега ундан олдинги ёки кейинги даврлар эмас, балки айнан ўша замон идеаллаштирилади? 

Хавфсизлик ва барқарорлик хотираси

СССР даврида гўёки ишсизлик йўқ эди, маош вақтида бериларди. Албатта, маош катта эмас, танловлар чекланганди. Бугун эса шиддатли ва эҳтиёжлар кўлами СССРдагидан анча ошиб кетган замонда «эртага ишимдан ажрасам нима бўлади?», «нарх яна кўтариладими?» деган хавотирлар кўп.

Умумийлик ва тенглик иллюзияси

СССР болалари бир хил сценарийда ўсди: бир хил мультфильм, қўшиқлар, «Артек» орзуси, пионер, комсомол ва қизил галстук, ҳатто китоб, асарлар ҳам бир хил ва жуда чекланган. Бир хил орзулар, бир хил қўрқувлар, бир хил ўйинлар… Бу умумийлик бутун авлод хотирасига бахтли ҳаётдек муҳрланиб қолди, кейинчалик «collective memory» яъни жамоавий хотирага айланди. Ўша давр одамлари «қорбўрон ўйнаган болалик»ни эслаб, бутун тизимга «гўё яхши эди» деган муҳрни босишди. Ҳозир эса болалар ҳар хил сценарийда ўсмоқда – интернет, турли курслар, турли мактаблар ва таълимда турли ёндошувлар. Шунинг учун келажак болаларида СССР авлодидаги каби умумий ностальгия бўлмайди.  

«Ҳамма бир хил яшарди» деган фикр кўп айтилади. Қиммат машина ёки ҳашаматли уйларда яшамаган одамлар ўша даврда ҳеч бўлмаса адолат бор эди, деб ўйлайди. Тўғри, номенклатуранинг, яъни элита қатламнинг имтиёзлари бўлган, аммо омманинг кўзига у кўпда ташланмасди. Гўёки энг оддий одам ҳам бориб Қора денгизда дам олган.... СССРда камбағал ҳам, бой ҳам йўқдек туюларди. Ҳаммага уй, иш, санаторий, йўлланма бор эди. Одамлар буни «тенглик» сифатида эслашади, гарчи амалда кўп нарса маҳдуд ва сифатсиз бўлса-да.

Ностальгия механизми

Психологияда шундай ҳолат бор: инсон ўтган вақтни романтиклаштиради. Мутахассиларнинг фикрича, болалик, ёшлик – ҳаммаси гўё безавол, самимий кўринади. Ҳақиқатда эса ўша пайтда ҳам қийинчилик, қатор камчиликлар бўлган. Инсон хотирасини вақт ўтиши билан «фильтрлайди»: ёқимсиз нарсалар йўқолади, гўзал ҳислар қолади. Узун навбатлар, танқислик, цензура – булар чекинади. Болалик ўйинлари, ёзги лагерлар, қўшничилик эса «чиройли сурат»дек хотирага муҳрланади: «Ўшанда кўчалар хавфсиз, дарвозаларга қулф солинмас эди», «ўшанда болалар китоб ўқирди, ҳозир эси-дарди телефон..» Ваҳоланки, қизиқиб кўрсангиз СССРни мақтайдиганлар орасида умрида битта китоб ўқимаган катта авлодни истаганча топиш мумкин, олий маълумотлилар бундан мустасно. Аслида бундай фикрлашга сабаб СССРнинг устунлиги эмас, балки ҳозирги даврдан қониқмаслик.

Нега ҳозирги замондан қониқиш йўқ?

Бир қарашда, ҳаётимиз аввалгидан фаровон: кўпчилик чиройли уйларни орзу қила бошлади, машина олиш учун аввалгидек ўн йиллаб пулинг бўлсаям навбатга турмайсан, саёҳатлар оддий одам учун ҳам реал. Лекин одамзотнинг қониқмаслиги моддий эмас, маънавий ўлчов билан боғлиқ.

Яна бир томони фаровонлик табиий ҳолга айланди. Илгари ҳар қандай маҳсулот тақчил ва бир хил бўлгани учун кичик нарса ҳам бахт ҳиссини берган. Ҳозир эса кўп нарса бор, лекин қалбда «бундан кейин-чи?» деган бўшлиқ, яъни турфа хиллик хотиржамликни ўғирлайди. Илгари ҳамма бир хил эди, қиёс йўқ. Ҳозир эса қўшни машина олди, танишинг Туркияга борди – сен ҳам хоҳлайсан, ички хотиржамлик  йўқ.

Авваллари вақтида ойликни олиб ортиқча орзу ҳавас ҳақида ўйламас эдик, энди эса кундан-кун маиший техникадан тортиб озиқ-овқат ва кийим-кечакнинг тури кўпайгандан кўпаймоқда. Бу хаос эса одамни толиқтиради, ҳув ўша СССРдаги одам ортиқча нарсаларни ўйламайдиган тинч замонга қайтгиси келади. Иш, кредит, нархнинг доимий ўйнаб туриши ҳақидаги хавотир моддий фаровонликка соя солади. Талаблар тез ўсмоқда: машина борми, энди яхшироғи керак. Уй борми, энди каттароғи ёки дизайни янгиси керак. Орзулар ҳеч тугамайди, шунинг учун одам ўзини ҳеч қачон манзилга етдим деб ҳис қила олмайди ва чарчаган мия ўтмишдаги ҳаловатли, оддий кунларини соғинади. Одамлар «СССРда яхши эди» деганида, улар кўпроқ ўзининг ёшлиги, хавфсизлик ва хотиржамлигини соғинишади.

Ташқи омил: романтиклаштирилган ўтмиш

Фақат СССР эмас, хорижда ҳам шундай тенденция бор. Масалан, АҚШда баъзилар «1950-йиллар – ҳақиқий америкалик оилавий қадриятлар» даври эди деб романтиклаштиради, 50–60-йиллар «golden age» – олтин аср сифатида ёдга олинади: Элвейс, сутли коктейл, suburbia (американча орзунинг рамзи: тинч, қулай оилавий муҳит, аммо машиналарга боғлиқ ва бир хилликка асосланган ҳаёт тарзи). Бу ҳақда америкалик профессор Кен Миллер «Олтин давр»ни романтик қилишни тўхтатинг: Ҳақиқий фаровонлик инклюзияни талаб қилади» номли мақоласида шундай дейди: «Aгар биз 21-асрда ҳақиқий Aмерика буюклигини истасак, оқилона сармоя киритишимиз, инклюзив тарзда бошқаришимиз ва ўтмишга тиниқ қарашимиз керак. Олтин давр олтин давр эмас эди. Марк Твен таъкидлаганидек, у зарҳал қилинган: сирти ялтироқ, лекин ичи чириган. Ҳатто «Олтин аср» фильми ҳам ўзининг жозибали модаси ва дабдабали кечалари билан даврнинг аччиқ ҳақиқатларини – тизимли тенгсизлик, меҳнат эксплуатацияси ва бадавлат кишиларга хизмат қилган мустаҳкам куч тузилмаларини кўрсатишдан қочмайди». Яъни муаллиф айтмоқчидек:  ҳақиқий фаровонлик – фақат иқтисодий ўсиш ёки «бир неча кишининг яхши яшаши» эмас, балки бутун жамиятнинг турли қатламлари тенг имконият ва шароитга эга бўлгандагина ҳақиқий ҳисобланади.

Ёки 1950–80-йилларни японияликлар энтикиб эслайди: арзон рамен дўконлари, умумий телекўрсатувлар, биринчи анимелар, урушдан кейинги қайта тикланиш ҳисси. Бугун ҳам кўп японлар «Showa» (ёрқин дунё) қаҳвахоналарига бориб, ўша атмосферани ҳис қилишади.

Ёки Буюк Британияда «империя даврида қудратли эдик» деган ҳиссиёт бор. Германияда катта авлод «Wirtschaftswunder» (иқтисодий мўъжиза, 50–60-йиллар)ни соғинади. Италияда «Dolce Vita» (50-60) йиллари. Бу даврлар уларнинг болалик ёшлиги билан туташгани учун коллектив хотирага айланган. Корея ҳам 70–80-йилларни романтиклаштиради. «Reply 1988» сериали айнан шу ҳисни қайта жонлантирган: умумий кўча ўйинлари, радио қўшиқлари, кўшничилик маданияти.

Светлана Боймнинг Ностальгия келажаги «The Future of Nostalgia» (2001) китобида икки турдаги ностальгия ҳақида ёзади: Ресторатив ностальгия –ўтмишни реал қайтаришга интилиш, рефлексив ностальгия – ўтмишни идеаллаштириб, эстетик ҳаловат сифатида кўриш. Фридрих Ницше — «Ўтмишдан фойдаланиш ва унинг зарари» китобида (On the Use and Abuse of History for Life, 1874) инсоннинг ўтмишни романтиклаштириб, ҳозирги ҳаётдан қочиши ҳақида ёзади.

Ижтимоий-психологик тадқиқотларда эса ностальгия стрессни камайтирувчи механизм сифатида қаралади, яъни инсонлар қийин дамларда ўтмишни идеаллаштириб, руҳий таскин топишади.

«СССРдаги одамларнинг ҳаёти аслида бахтли бўлганми?»

Ушбу мақолада юридик фанлар номзоди В. Н. Усолцев шундай фактларни келтиради: «СССРда кўплаб истеъдодли олимлар, муҳандислар, шифокорлар, ёзувчилар, рассомлар фан, маданият ва технологияларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшдилар. Бу давлат таълим ва фанга катта эътибор қаратгани туфайлидир. Ундан ташқари муаллиф соғлиқни сақлаш тизимининг ютуқлари, гарчи одамлар кўпи ётоқхона ёки бир хонали уйларда яшаган бўлсада уй жойларнинг арзон бўлганини ҳам эслатиб ўтади. СССР ривожланган ижтимоий ҳимоя тизимига эга эди. Давлат пенсия, ишсизлик, болалар нафақалари ва бошқа ижтимоий имтиёзларни тақдим этди. Бу одамларга ўзларини янада ҳимояланган ва келажакка ишонч билан ҳис қилишларига имкон берди. Aфсуски, дейди у мақола давомида СССР ҳаётида ҳамма нарса мукаммал эмас эди. Aсосий камчиликлардан бири озиқ-овқат ва бошқа нарсаларнинг танқислиги эди.

Сурат: pikabu.ru 

Совет Иттифоқининг деярли барча республикалари учун умумий бўлган нарса шундаки, фуқаролар кўплаб нарсаларни, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишдан кўра «олишга» мажбур бўлишган. Шунга қарамай, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари арзон ва сифатли эди.

СССР ҳаётидаги яна бир муаммо эркинликнинг йўқлиги эди. Давлат одамлар ҳаётининг барча жабҳаларини, шу жумладан сўз эркинлиги, йиғилиш (митинг) эркинлиги ва танлов эркинлигини назорат қилди. Одамлар ўз фикрларини эркин ифода эта олмадилар, ҳокимиятни танқид қила олмадилар ва ўз келажагини танлай олмадилар. Бу жамиятда катта кескинликни келтириб чиқарди ва кўп одамлар ноаниқликда яшадилар.

Реал ҳаётни яширган суратлар

Яна бир мақола муаллифи Максим Мирович СССРда ҳақиқий ҳаётнинг тақиқланган фотосуратлари мақоласида эса шундай дейди:

«...Бироқ, СССРдаги ҳақиқий ҳаёт бу хаёллардан узоқ эди ва уни кўриш учун уюштирилган расмларга эмас, балки ўша даврдаги фотосуратларга қарашингиз керак. Бугун мен сизга бўш вақтларида кундалик фотосуратлар билан шуғулланган ва бир вақтнинг ўзида «социалистик воқеликни қоралаш» айбловлари учун ўзларининг фото архивларининг бир қисмини йўқ қилишга мажбур бўлган профессионал совет фотосуратчиларининг ишлари билан таништираман. Фотосуратчилар Владимир Соколаев, Владимир Воробёв ва Aлександр Трофимов – улар «Трива» ижодий гуруҳини туздилар, Кузнецк металлургия заводида фотограф бўлиб ишладилар, шунингдек атрофдаги барча нарсаларни суратга олишди.

 Ерда ётган қўй гўштлари. Навбатга турган ўша давр одамлари (Сурат: «Трива» ижодий гуруҳи)

1982 йилда Новокузнецкда олинган энг машҳур фотосуратларидан бири «Шиша идиш қабул қилувчилар»деб номланган. Ушбу фотосуратга қараб, негадир мен қайғули афоризмни эслайман – «СССРда ҳамма нарса яхши эди, шишалар фақат ёрлиқсиз қабул қилинганлиги ачинарли».

«Трива» ижодий гуруҳи суратлари

1978 йил тушдан кейин дам олиш учун изоляторлар бригадаси. У ерга қайтишни ва «дунёдаги энг яхши музқаймоқ ва қисқичбақа таёқчаларини истеъмол қилишни» орзу қилган барча СССР мухлисларини ҳайратда қолдирадиган ажойиб фотосурат: ҳаёт умуман музқаймоқ ва ширинликлар эмас, балки ҳар кунги машаққатли меҳнат бўлиб, унинг хавфсизлиги ҳақида ҳеч ким ўйламаган.

«Распадская конидаги смена ишчилари» – ушбу фотосуратда нимани кўраётганингизни билмайман, мен совет ташвиқот филмларидаги абадий қувноқ ва тоза ишчиларга ўхшамайдиган чарчаган одамларни кўраман, дейди муаллиф.

Яна бир сурат 1983 йилда олинган ва «болалар ортопедияси кафедраси. Шифокор тайинланишини кутиш». Нима учун «буюк мамлакат» ракеталарни ишлаб чиқаришда, шунингдек балет соҳасида ва ҳоказоларда илғор бўлган ўша даврдаги болалар шифохоналари шундай кўринишда жавобни мен сизга    қолдираман. Ва бундай СССРга қайтишни хоҳлайсизми? У ерда нима қилардингиз», деб савол беради муаллиф...

Иллюзия ва ҳақиқат

Қисқа қилиб айтганда: СССР ҳақидаги иллюзияларнинг ҳар бири «ёпиқ жамият»нинг табиий натижаси. Чунки одамлар танлаш имкониятисиз қолганда, мавжуд нарсани «идеал» деб билишга мажбур бўлади. Яъни танловсизлик идеаллаштиришни келтириб чиқаради.

СССР кўп нарса «яхши» эди, лекин бир катта нарса йўқ эди – эркинлик. Эркинлик бўлмаса, ижод ҳам, иқтисод ҳам силжимайди.  

Тўғри СССР қулаганда катта заҳиралар қолди: интеллектуал салоҳият – олимлар, муҳандислар, конструкторлар. Инфратузилма – саноат шаҳарлари, йирик фабрикалар. Маънавий капитал – «билимга ишониш», китобхонлик анъанаси.

Лекин нега бу тажрибалар фойдали бўлмади?

Тизим фалсафаси эскирган эди –иқтисод бозор қонунларига тўғри келмади. Мерос «мафкурага хизмат» учун яратилганди, эркин рақобат учун эмас. Шунинг учун кўплаб олимлар, муҳандислар ва мутахассислар чет элга чиқиб кетди. Қолганлар эса бозор шароитида ўз билимини қўллай олмади. СССР тарихи фақат сиёсий тизим ёки геосиёсий куч сифатида эмас, балки катта иллюзия сифатида ҳам эътиборга лойиқ. Бу иллюзия шундан иборат эдики: инсонларга «эртанги кунда ҳамма тенг бўлади, барча эҳтиёжлар таъминланади, илм ва маданиятда мисли кўрилмаган даражага етилади» деган ваъда берилганди. Умид бор жойда инсонлар қийинчиликларга тоқат қилади. Шунинг учун ҳам одамлар «эртанги коммунизм» учун ўз ҳаётини қурбон қилишга тайёр эдилар. Аммо «эртага» ҳеч қачон келмади.

Нега иллюзия натижа бермади?

СССР тажрибаси инсон иродаси ва табиий иқтисодий ривожланишга эмас, балки «режа» ва «мажбурий йўл»га қурилганди. Илм-фан ҳам кўп ҳолларда идеологияга хизмат қилди. Бозор иқтисоди, шахсий масъулият, рақобат – буларнинг барчаси собиқ совет инсонлари учун оғир синов бўлди. СССР иллюзияси одамларга умид берди, аммо эркинликни олиб қўйди. У инсонларни катта мақсадлар йўлида қўллаб-қувватлади, аммо шахсий ташаббусни йўқ қилди. Таълим юқори даражада бўлса-да, бу билимлар эркин фикр ва эркин иқтисод билан уйғунлашмади.

«СССР – бу буюк саноат, улкан армия ва таълимда тенгсиз тизим эди». Бу гапни ҳалигача кўп эшитамиз. Космосга чиқиш, саводхонлик, кўплаб завод-фабрикалар – буларни инкор этиб бўлмайди. Лекин савол муаллақ: агар шунчалик қудратли бўлган бўлса, нима учун унинг натижалари бугун поссовет мамлакатларини ҳақиқий тараққиётга олиб келмади?

Масалан космосга чиқилди, аммо халқ учун оддий турмуш шароити – уй, озиқ-овқат, кийим-кечак танқислиги йиллаб ҳал қилинмади. Заводлар ишлади, лекин улар кўпроқ ҳарбий ёки «план учун» ишлаб, бозор қонуниятларига тайёр бўлмади.

СССР 1957 йилда спутник учирди, Корея эса ҳали қашшоқ давлат эди. Аммо 30 йил ичида Корея иқтисодий ислоҳот ва эркин бозорга очилиб, «Samsung», «Hyundai», «LG» каби глобал гигантларни яратди. СССР эса ўша илмий салоҳият билан дунё брендлари эмас, фақат «план қўйган» маҳсулотларни ишлаб чиқаришда қолди.

Ғарб мамлакатлари ўз индустриал меросини «технология экспорти»га айлантира олди. СССР давлатлари эса индустриал меросини «металл чиқиндиси» сифатида сотди.

Ҳамма нарса умумий, ҳатто хотиралар ҳам...
«Ҳамма тенг, ҳамма бахтли, ҳамма меҳнаткаш» бўлган бу мамлакатда  ҳатто йўқчилик ҳам романтика сифатида безатиларди: «оддийлик», «босиқ ҳаёт», «қаноат»...

«Ҳамма нарса умумий» деган ғоя амалда «ҳеч кимники эмас»лигини исботлади. Таққослаб кўрамиз: Ғарбда ишчи ўз меҳнатидан фойда кўриб, хусусий мулк орқали келажак яратарди. СССРда эса ишчи «мулкдор эмас, ижарачи» эди. Қурган уйи ҳам, ишлаб чиқарган техникаси ҳам, ҳатто ўз ҳовлисидаги дарахти ҳам давлатники саналди.

«СССРда ҳаммаси яхши эди» деган гап бу қалбда қолган иллюзия. Чунки ўша даврда ҳам камчиликлар бор эди, фақат улар ёпиқ жамият деворлари орасида кўринмас эди. Бугун эса биз танлай оламиз: қолиш ёки кетиш, айтмоқ ёки сукут сақлаш, янгича йўл излаш. Мустақилликнинг қиймати – иллюзияларга алданмай, ҳақиқатни англаб, эркин ва масъулиятли ҳаётни қуришда.

                                                                              Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг