Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Экспертлар: Бу ҳолат Учинчи жаҳон урушига олиб келади...

Экспертлар: Бу ҳолат Учинчи жаҳон урушига олиб келади...

АҚШ ва Россия ўртасида “cовуқ уруш” давридан кейин илк бор ядро қуроли бўйича чегарасиз пойга яна авж олиши мумкин, дея бонг урмоқда Ғарб матбуоти. 

Гап шундаки, жорий йил 5 февраль куни АҚШ ва Россия ўртасида имзоланган Стратегик ҳужум қуролларини чеклаш ва қисқартириш тўғрисидаги шартнома муддати якунланади. Ушбу ҳужжат АҚШ ва Россиянинг ядро каллакларини 1500 донагача қисқартиришни, қитъалараро баллистик, сувости баллистик ракеталари сонини ҳам камайтиришни назарда тутади.

Битим нафақат қурол миқдорини камайтириш, айни чоқда, давлатлар ўртасида инспекция фаолиятини ҳам назарда тутган. Яъни маълумот алмашуви ва инспекция-кўрик жараёни ядро зиддиятининг олдини  олган, хато талқинларга йўл қўймаган.

Reuters агентлиги экспертларга таяниб ёзишича, янги битим имзоланмас экан, ҳар икки томон чегарасиз тарзда ядро қуроли сонини оширишга тушиб кетади, бу эса бутун дунё хавфсизлигига таҳдиддир. 

Financial Times газетаси ҳам янги битим имзоланиш имкони паст экани, бу эса буюк давлатлар ўртасида атом уруши хатарини янада оширишидан огоҳлантирган.

“Биз янги қуролланиш даври арафасида турганимизга ишончим комил. Ҳаётим давомида қуролланишни чекловчи яна бир шартнома имзоланишига умидим кам”,деган британиялик олим Жеймс Актон.

Аксар таҳлилчилар икки йирик давлат ўртасидаги ядро зиддияти Учинчи жаҳон урушига йўл очиши ҳақида бонг урмоқда.

Айни пайтда АҚШ ҳам, Россия ҳам Стратегик ҳужум қуролларини чеклаш ва қисқартириш тўғрисидаги шартномани қайта имзолашга тайёр эмас. Вашингтон битим имзолаш зарурлиги ва бу жараёнга Хитойни ҳам жалб этиш кераклигини айтмоқда.

Москва эса янги битим бутун НАТО давлатлари, хусусан, Буюк Британия ва Франциянинг  ядро қуролини ҳам чегаралаши керак деб ҳисоблайди. Россия президенти Владимир Путин 2025 йил ноябрь ойида агар АҚШ ушбу битим муддатини узайтиришни истамас экан, бунга ҳожат ҳам йўқлигини айтганди.

АҚШ ва Россия ядро захираси бўйича дунёдаги етакчи давлатлар бўлиб, ядро қуролининг 90 фоиздан зиёди мазкур икки мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Стокҳолм тинчлик муаммоларини тадқиқ этиш институти (SIPRI) 2025 йил январь ойида берган маълумотларга қараганда, Россия 4309 дона, АҚШ эса 3700 дона ядро каллагига эга. Хитой 600 дона каллак ишлаб чиқарган, аммо Пекиннинг ядро захираси йил сайин шиддат билан ўсиб бораётир.

Ядро қуролини йўқ қилиш бўйича халқаро ташаббус (ICAN) ҳисоботига кўра, сўнгги йилларда ядро қуролига эга давлатлар оммавий қирғин қуролларини сақлаш ва такомиллаштириш учун жуда катта  миқдорда маблағ харжламоқда. Аниқроқ айтганда, дунё давлатлари оммавий қирғин қуроллари учун ҳар дақиқада  173 884 доллар, ҳар сонияда эса 2898 доллар сарфлаган.

Халқаро тузилма хулосасига кўра, айни пайтда дунёнинг 9 давлати (АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Франция, Буюк Британия, Исроил, Покистон ва Шимолий Корея) оммавий қирғин қуролига эга.

Дунёда геосиёсий вазият ўта таранглашиб, ядро қуролини ишга солиш эҳтимоли кучайиб бораётгани айтилмоқда.

Украинада уруш олиб бораётган Россиянинг катта-кичик рутбадаги сиёсатчи ва сиёсатшунослари сўнгги вақтларда тактик ядро қуролини ишга солиш ҳақида очиқ-ошкора баёнотлар бермоқда.

Бунга жавобан НАТО раҳбарияти ҳам ядровий қуролларни шай ҳолатга келтириш, ҳарбий иттифоқнинг ядро арсеналини дунёга намойиш қилиш зарурати ҳақида гапирмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, “Қиёмат соати” миллари ҳам ядровий тунга рекорд даражада яқинлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг