Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ёшларига Туркия университетларида бепул ўқиш имкони тақдим этилмоқда

Ўзбекистон ёшларига Туркия университетларида бепул ўқиш имкони тақдим этилмоқда

Фото: «Google Images»

Ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар Туркия олий ўқув юртларида таҳсил олиши учун бу йил ўтган йилларга қараганда икки баробар кўп ўрин ажратилади. Бу ҳақда Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилди. 

2020 йил грант дастурига ариза қабул қилиш жорий йил 10 январда бошланган бўлиб, жараён 20 февралга қадар давом этади.

Туркия ҳукумати гранти совриндорлари нуфузли университетларнинг бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичида тўлиқ бепул таҳсил олиш имконига эга бўлади. Грант ғолиблари ойлик стипендия ҳам олади. Турк тилини ўрганиш истагида бўлган номзодлар эса бир йиллик курсда ўқиши мумкин. Грант доирасида талабалар бир марталик авиачипта, тураржой ва тиббий суғурта билан ҳам таъминланади.

Ташкилотчиларга кўра, аризалар фақат Туркия ҳукумати грантлари расмий сайти орқалигина қабул қилинади. Тегишли ҳужжатларни саккиз тилда (турк, араб, инглиз, француз, рус, испан, форс ва бошноқ) тўлдириш мумкин.

Туркия ҳукумати ўтган асрнинг 60-йилларида бошлаб икки томонлама битимларга кўра, муайян давлатлар талабаларига грантлар ажрата бошлаган. 1992 йилдан эса кенг миқёсда грантлар тақдим этилмоқда. Ҳукумат грантлар дастури 2012 йилдан буён “Türkiye Bursları” деб аталади. Хориждаги турклар ва қардош халқлар бошқармаси (YTB) мазкур стипендиялар дастурини мувофиқлаштириш билан шуғулланади.

Маълумотларга қараганда, айни пайтда Туркияда дунёнинг турли ўлкаларидан келган 170 мингдан зиёд хорижлик талаба таҳсил кўрмоқда, улардан 17 минг нафари ҳукумат стипендияси совриндори саналади. Мазкур мамлакатда таҳсил олаётган ўзбекистонликлар эса 1000 кишини ташкил этади, улардан 150 нафари ҳукумат гранти асосида таҳсил олмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, бир неча ой аввал Тошкентда меҳмон бўлган Хориждаги турклар ва қардош халқлар бошқармаси (YTB) раҳбари Абдуллоҳ Эрен Туркия Ўзбекистон ёшларига янада кўпроқ грантлар ажратиш ниятида эканини билдирган эди.

Собир Салим

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг