Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“Европа АҚШнинг қули эмас!” – Юнкер Трампни ўпкасини босиб олишга чақирди

“Европа АҚШнинг қули эмас!” – Юнкер Трампни ўпкасини босиб олишга чақирди

Юнкер Трампнинг биринчи президентлик даврида уни муроса йўлига сола билган эди.

Фото: Европа комиссияси

Таниқли сиёсий арбоб Жан-Клод Юнкер Европа Иттифоқи АҚШнинг янги мустамлакачилик сиёсати билан муроса қилмаслиги лозим деб ҳисоблайди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Гренландияни қўлга киритиш учун дипломатик ва сиёсий босимларни кучайтираётган бир пайтда Давос шаҳридаги Бутунжаҳон иқтисодий форумини ҳам европаликлар саросимали кайфиятда ўтказди.

Дунё сиёсати оқсоқолларидан бири, 2014-2019 йилларда Европа комиссиясига раҳбарлик қилган Жан-Клод Юнкер фикрича, Европа Иттифоқи ҳам АҚШга таъсир кўрсатиш борасида етарлича куч-қувватга эга.

“Биз АҚШ иқтисодиётига жиддий зарар етказиши мумкин бўлган ўз ихтиёримиздаги воситалардан фойдаланишимиз мумкин. Агар зарурат туғилса, бундай механизмларни ҳеч тортинмай ишга туширишимиз керак”, – деган  Юнкер Euronews телеканалига берган интервьюсида.

Бу ўринда Еврокомиссиянинг собиқ раҳбари ЕИ томонидан дўст бўлмаган мамлакатларга қарши иқтисодий шантаж сабаб қўлланадиган савдо чекловлари ва ягона Европа бозорига кириш йўлини ёпишни назарда тутмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам АҚШ раҳбари Дональд Трампнинг Гренландияни дастаклаган давлатларга бож жорий этиш ҳақидаги таҳдидига жавобан тинчликни таъминлаш масаласида Франция ва Европага қўрқитиш ёки пўписа билан таъсир кўрсатиш мумкин эмаслигини таъкидлаган эди.

Макрон ҳам Жан-Клод Юнкер каби зарур бўлса АҚШга нисбатан иқтисодий-молиявий чекловларни қўллаш лозимлигини айтмоқда.

Трампнинг биринчи президентлик даврида Европа комиссияси раҳбари вазифасида ишлаган Жан-Клод Юнкер у билан тил топишиш борасида тажрибага эга. 2018 йилда Трамп Европага қарши савдо уруши бошламоқчи бўлганида Юнкер зиддиятни бартараф этишга муваффақ бўлган эди. Аммо унинг фикрича, ҳозирги вазият 2018 йилдагидан кескин фарқ қилади, эндиликда Трамп билан дўстона оҳангда гаплашиш имконсиз ва у соғлом мулоҳазаларни тингламайди ҳам. Шунга кўра у ЕИ раҳбариятини АҚШ қаршисида қатъиятли бўлишга ундамоқда.  “ЕИ АҚШнинг қули эмас!” деб таъкидлайди Юнкер.

Трамп Гренландияни назоратга олиш учун ҳар қандай восита ишга солинишини таъкидлаб, НАТОдаги  иттифоқчилари ва ЕИ раҳбариятига босим ўтказмоқда.

НАТО бош котиби Марк Рютте президент Трампга Гренландия атрофидаги можарони юмшатиш учун Дания билан янги келишув тузиш таклифини билдирган.

Инглиз матбуоти хабарига кўра, асли тужжор бўлган Трамп Гренландия аҳолисини кўтарасига сотиб олиш имкониятини ҳам истисно этмаётир.

Айни пайтда Трампнинг иттифоқчиликка хос бўлмаган ҳаракатларидан нафақат ЕИнинг собиқ маъмурияти, амалдаги раҳбарияти ҳам хавотир ва ғазабда.

“Биз ҳамкорлар ва иттифоқчилар ўртасидаги муносабатлар самимият ва ҳурмат асосида бўлмоғи лозим деб ҳисоблаймиз. Европа Иттифоқи ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, ўзини, аъзо давлатларни, ўз фуқаролари ва компанияларини ҳар қандай шаклдаги мажбурлов ҳаракатларидан ҳимоя қилишда давом этади. Бу борада куч ва воситаларга эга ва зарурият туғилса уларни ишга солади”, – деб баёнот берди Европа кенгаши раиси Антониу Кошта 22 январь куни.

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ҳам ЕИ иқтисодий қудратини ошириши ҳамда АҚШга қарам бўлмаслиги кераклигини таъкидлаган.   

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг