Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Украина бўйича учтомонлама музокараларнинг иккинчи раунди якунланди

Украина бўйича учтомонлама музокараларнинг иккинчи раунди якунланди

Абу-Дабида ўтган Россия, Украина ва АҚШ иштирокидаги уч томонлама музокараларнинг иккинчи раунди якунланди.

Ҳозирча энг муҳим амалий натижа – ҳар икки томон 157 нафардан ҳарбий асирни озод этгани бўлди. Бу сўнгги беш ой ичидаги илк асирлар алмашинуви ҳисобланади.

Украина президенти офиси раҳбари Кирилл Буданов музокаралардан сўнг Украина томонининг илк баёнотини берди. У «РБК-Украина»га берган изоҳида музокаралар «чиндан ҳам самарали» ўтганини таъкидлаб, АҚШ ва Бирлашган Араб Амирликларига юқори даражадаги ташкилотчилик ва воситачилик учун миннатдорлик билдирди.

АҚШ делегацияси раҳбари, президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф ҳам музокараларни ижобий баҳолади. Унинг сўзларига кўра, икки кун давомида ўтказилган муҳокамалар «мустаҳкам тинчлик учун шароит яратиш»га қаратилган бўлган, бироқ ҳали кўп иш қилиниши лозим.

Уиткоффнинг маълум қилишича, музокаралар доирасида Россия ва Украина ўртасида 157 га 157 формуласи асосида асирлар алмашинуви амалга оширилди.

Шунингдек, АҚШ ва Россия ҳарбий идоралари ўртасида алоқа канали қайта тикланди (Россия-Украина уруши даврида узилиб қолган, -таҳр.). Ушбу канал АҚШ Қуролли кучларининг Европа қўмондонлиги раҳбари генерал Алексус Гринкевич раҳбарлигида ишлайди ва можаронинг назоратдан чиқиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади. Сулҳни таъминлаш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатилишини назорат қилиш механизмлари бўйича кенг муҳокамалар ўтказилди.

Стив Уиткоффнинг таъкидлашича, томонлар ўз пойтахтларига қайтиб, музокараларни яқин ҳафталарда давом эттиришга келишиб олган.

Шу тариқа, Абу-Дабидаги иккинчи раунд музокаралар кескин бурилиш бўлмаса-да, ишончни тиклаш, асирлар алмашинуви ва ҳарбий мулоқотни қайта йўлга қўйиш нуқтаи назаридан муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг